«Даракчи плюс»нинг Facebook’даги «Водители Ташкента» (Drivers.uz) гуруҳига асосланиб ёзишича, совуқ об-ҳаво муносабати билан янги тренд бошланди. Унга кўра, ўзининг шахсий автомашинасига эга ҳайдовчилар уларнинг йўналиши бўйича ҳаракат қилувчи йўловчиларни манзилига бепул етказиш таклифи билан чиққан.
Шундан кейин кўнгиллилар сони кўпайиб, улар ўз маршрути қайси йўл ва кўчалардан ўтиши мумкинлиги ҳақида ёза бошлаган. Мақсад — шу йўналишда қатнайдиган, бироқ совуқ кунларда автобусга улгура олмай қолган ёки такси ушлашда қийинчиликка дуч келаётган йўловчиларга кўмаклашиш.
«Тушунаман, автобус кутиш ёки эрта тонгдаги совуқда такси ушлаш осон эмас. Қолаверса, совуқда қийналаётган йўловчини кўрган киракашлар ҳам нархни истаганича ошириши мумкин. Бундай пайтда йўловчи иложсизликдан шунга рози бўлади», — деб ёзган кўнгиллилардан бири.
Бошқа бир ҳайдовчи #спасаюЛюдейотХолода ҳештеги билан чиқиш қилиб, Яккасарой туманида йўловчиларни манзилига бепул етказиши мумкинлигини қайд этган. Қўшимчасига, пост остида телефон рақамини ҳам қолдирган. Унинг бу сахийлигидан кейинчалик 14 нафар йўловчи фойдаланган. Эртаси куни ҳайдовчи Юнусобод туманида бу ишни давом эттириш ниятида эканини маълум қилган.
Кўнгиллилар томонидан кейинчалик шундай постлар қолдирилди:
«5 дақиқадан кейин Лисуновадаги кинотеатр ёнидан ўтаман. Ҳалқа йўли бўйлаб Юнусободгача бепул».
«Медгородокдан «Чилонзор» метрогача, Сингапур университетига қадар бепул элтиб қўйишим мумкин».
«Ҳар иш кунида соат 8:00 ва 8:30 орадиғида Бектемир постига етмасдан йўлга чиқиб, Вестминстер университетига қадар юраман. Хизмат ҳақисиз».
«Жисмоний тарбия институтидан «Чилонзор» савдо марказига қадар юраман. Кимнинг йўли бўлса, пезидент трассасида соат 9:00 да учрашишим мумкин. Аҳир кўча жуда совуқ. Хизмат ҳақига яхши бир латифа айтиб берилса кифоя».
Постларга ёзилаётган изоҳлардан йўловчиларнинг сахий ҳайдовчилардан миннатдор эканини тушуниш қийин эмас. Улар орасида, шунингдек, одамларнинг енгилини осон қилаётганларга сиҳат-саломатлик ва бахт тилаганларни ҳам кўриш мумкин.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)