20 ноябрь куни Хитойнинг Анхой провинциясида аралаш турдаги яккакурашлар (MMA) бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Chinese Kungfu Championships (CKF) компанияси томонидан ташкил этилган мусобақа доирасидаги жанглардан бирида 57 килограммгача бўлган вазн тоифасида ўзбекистонлик жангчи Фурқатбек Ёқубов рингга кўтарилди, деб хабар беради «Газета.uz».
Наманганлик спортчи илгари мағлубиятга учрамаган хитойлик Хао Лига қарши баҳс олиб борди ҳамда ҳакамлар қарорига билан уч раунд якунига кўра ғалаба қозонди. Шу тариқа, Ўзбекистон вакили CKF версияси бўйича жаҳон чемпиони деб тан олинди.
«Учрашув қийин кечди, негаки мен узоқ вақт MMA’да чиқиш қилмаган эдим, рақибим ҳам кучли эди. Лекин, Худога шукур, мен ғалаба қозондим ва орзуимга — UFC (Ultimate Fighting Championship) ташкилотида чиқишлар қилишга яқинлашдим. Ғалабани онамга бағишлайман. Афсуски, у самоларда, лекин у ҳозир мен билан фахрланаётганини биламан», — деди Фурқатбек Ёқубов, ғалабасига изоҳ бераркан.
Ёқубов кикбоксинг бўйича етти карра Ўзбекистон чемпиони, пенчак-силат бўйича олти карра мамлакат чемпиони, қўл жанги бўйича республика чемпиони, кикбоксинг бўйича Ўзбекистон Кубогининг олти карра чемпионидир. Шунингдек, у халқаро баҳсларда ҳам кўплаб ютуқларни қўлга киритган. Жумладан, у кикбоксинг бўйича Осиё, Европа ва жаҳон чемпиони, пенчак-силат бўйича Жаҳон чемпиони ғолиби ҳисобланади.
Изоҳ (0)