Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги «Сибур Арена» мажмуасида бокс бўйича 17–18 ёшлилар ўртасида жаҳон чемпионати давом этмоқда.
«Оламспорт»нинг маълум қилишича, мусобақанинг учинчи кунида рингга кўтарилган 4 нафар ўзбекистонлик боксчидан 3 нафари ғалаба қозонди, яна бири эса мағлубиятга учради.
-52 килограмм вазнда қатнашаётган Отабек Холматов иккинчи жангида ҳам ғалабага эришди. Илк жангида қирғизистонлик Фатхиддин Ҳамроевдан 4:1 ҳисобида устун келган Отабек бу сафар венгриялик Иштван Жакани 5:0 ҳисобида енгди.
-56 килограмм вазндаги Шунқор Абдурасулов италиялик рақиби Маттео Пиррерадан 5:0 ҳисобида устун келган бўлса, -91 кг вазн тоифасида рингга чиққан Шоҳруз Раҳимов хитойлик Ремула Абудурекситига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва 5:0 ҳисобида зафар қучди.Энг енгил – 49 килограммгача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Абдувоҳил Маъруфхонов хитойлик Зексин Ченга 0:5 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақа билан хайрлашди.
Изоҳ (0)