АҚШнинг Лас-Вегас шаҳри (Невада штати)да 19 ноябрь, шанба куни йирик бокс кечаси бўлиб ўтди. T-Mobile Arena мажмуасида ўтган кечанинг марказий жангида ярим оғир вазнда WBA (Super), WBO ва IBF версиялари бўйича жаҳон чемпиони, 33 ёшли россиялик Сергей Ковалёв 32 ёшли америкалик Андре Уордга қарши рингга кўтарилди.
«Чемпионат»нинг маълум қилишича, 12 раунд давом этган жангда Андре Уорд ҳакамларнинг якдил қарори билан 114:113, 114:113, 114:113 ҳисобида ғалаба қозонди. Барча чемпионлик камарларини бой берган россиялик боксчи учун бу профессионал рингдаги илк мағлубияти бўлди.
Марказий беллашувдан аввал яна 9 та жанг ўтказилди. Шулардан бирида ўзбекистонлик 24 ёшли Ботиршер Обидов 23 ёшли россиялик Баҳром Муртазалиевга қарши саккиз раундлик жангда рингга кўтарилди.
«Sports.uz»нинг хабар беришича, Ботиршер жангни ҳужумлар билан бошлаганига қарамай, 2-раунд охирида кутилмаганда рақибининг кучли зарбасини ўтказиб юборди. Учрашув ҳаками техник нокаут қайд этиб, ғалабани россиялик спортчига берди.
Профессионал рингдаги саккизинчи жангини ўтказган ўзбекистонлик боксчи фаолиятидаги биринчи мағлубиятини қабул қилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)