18 ноябрнинг эътиборга молик янгиликлари — «Дарё»нинг кечки дайжестида.
1. Туркия президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди (фото). 17 ноябрь куни Ўзбекистонга етиб келган Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.
2. Лондонда дунёда энг йирик Lego дўкони очилди. Лестер хиёбонида жойлашган икки қаватли дўконда Биг-Бен минорасининг ишловчи соат ва нурланишга эга, 200 мингта Lego қисмларидан тайёрланган 6 метрли нусхасини кўриш мумкин.
3. АҚШ Конгресси вакиллар палатаси Boeing самолётларини Эронга сотишни ман этувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Республикачилар партияси томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатни ёқлаб 243 конгрессмен овоз берди, 174 киши қарши чиқди.
4. Филиппин собиқ президенти Фердинанд Маркос миллат қаҳрамонлари қабристонига қайта кўмилди. Бу ҳақдаги қарор мамлакат президенти Родриго Дутерте томонидан қабул қилинди, сўнг мамлакат Олий суди мазкур қарорни тасдиқлади.
5. Ўзбекистон регби федерацияси раисининг ўринбосари Осиё регби иттифоқи томонидан «Характери учун» мукофоти билан тақдирланди. Тақдирлаш маросими Гуам шаҳрида 5–6 ноябрь кунлари ўтказилган Осиё регби иттифоқи Ижроқўми ва Консул митингида бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)