Россия—2018 йўлида кураш олиб бораётган Осиё қитъасининг 12 мамлакати ҳал қилувчи саралаш босқичининг 5-турини якунлади. «А» ва «B» гуруҳларидаги вазият билан келтирилган ҳаволалар ёрдамида танишиш мумкин.
Ўзбекистон термаси билан бир гуруҳдан жой олган жамоа мураббийларининг 5-турдан кейин билдирган фикрларини «Championat.asia» нашри келтириб ўтди.Марчелло Липпи — Хитой
«Жамоам катта ҳажмдаги ишни амалга оширди, ечиниш хонасида бу ҳақда футболчиларга ҳам айтдим. Қатар билан ўйинда бизга омад етишмади, холос. Шундоқ ҳам Россияга бориш имкониятимиз анча паст эди, бугун эса янада камайиб кетди. Ваҳоланки биз Қатардан яхшироқ ўйнагандик. Футболчиларим гуруҳдаги ҳеч бир рақибдан кучсиз эмас».
«Назарий имкониятимиз тўла йўқолгунича умид билан курашаверамиз, биз тўғри йўлдан кетмоқдамиз», — деб фикрини якунлади италиялик мураббий.
Хорхе Фоссати — Қатар
«Хитой бизга катта босим уюштирди. Натижада биринчи бўлимда яхши ўйнай олмадик. Тўпни умуман назорат қила олмадик. Эвазига ҳимоямиз ҳужумларга дош бериб турди. 1 очкога эга бўлганимиз ҳимоя чизиғимизнинг меҳнатидир. Ўзбекистонда 6 очколик ўйин бўлади. Уни мағлуб этишимизгина имкониятимизни яхшилаши мумкин».
Маълумот учун, Фоссати Қатарни қабул қилиб олгунига қадар жамоа 3 та мағлубиятга имзо чекиб бўлганди. Унинг ташрифи эса 2 та беллашувдаги 4 очкога сабаб бўлди.Айман Ал-Ҳаким — Сурия
«Эрондек кучли жамоага қарши қийналишимизни билардик. Шундай бўлди ҳам. Кучли ёмғир майдонни жуда ёмон ҳолатга келтириб қўйди. Бироқ унутмаслик керак, ҳар икки жамоа 1 та майдонда, бир хил шароитда тўп сурди. Эронга гол уриш қийин. Эвазига уларнинг юришини тўхтатишга муваффақ бўлдик. Кейинги бешта ўйинда ҳам шундай меҳнат қилишда давом этамиз».
Маълумот учун, Сурия терма жамоаси гуруҳнинг икки етакчиси —Эрон ва Жанубий Кореядан очко тортиб олган ягона жамоа бўлди. Ваҳоланки сурияликлар уруш туфайли ўз мамлакатида тўп сура олмаяпти. Қатар, Хитой, Ўзбекистон каби термалар эса ҳар икки етакчидан ҳам очко олишнинг уддасидан чиқа олмади.
Карлуш Кейруш — Эрон
«Майдонга тушган ҳар бир футболчим билан фахрланаман. Улар ўйин якунига қадар курашда бўлди. Ваҳоланки футбол ўйнаш учун шароит ёмон эди. Бешта турдан сўнг пешқадаммиз. Қолган бешта турда ҳам шундай меҳнат қилишда давом этамиз».
Маълумот учун, саралашнинг ҳал қилувчи босқичида Эрон термаси дарвозасига ҳеч ким йўл топа олмади. Бу борада форслар ягона жамоа бўлиб турибди. Қайд этиш керак, Кейруш жамоасига қарши ўйинларда Ўзбекистон ва Жанубий Корея термалари бирорта ҳам аниқ зарба бера олмаганди.
Изоҳ (0)