Таниқли актёр Роберт де Ниро АҚШнинг янги президенти Дональд Трампнинг юзига уриш фикридан қайтганини билдирди. Бу ҳақда у Жимми Киммелнинг шоусида маълум қилди, деб хабар беради TJournal.
73 ёшли кино юлдузи бундай лавозимга сайланган инсонни ҳурмат қилиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
«Мен уни ура олмайман, негаки энди у президент. Мен уни ҳурмат қилишим керак. Биз у нима қилмоқчилигини кўришимиз лозим. Кўриб турибмизки, ҳозир кўп шаҳарларда одамлар жуда хафа ва намойишлар уюштирмоқда», — деди де Ниро.
Шунингдек, де Ниро, Трампга ҳурмат билан муносабатда бўлишига қарамай, ўзини яхши ҳис этмаётганини тан олди.
Октябрь ойи бошида де Ниро Трампни чўчқа деб атаган ва уни уришга тайёрлигини билдирган эди.
«У даҳшатли даражада тентак. У чўчқа. У бизларга мутлақо тупурган. Мамлакатимиз бу даражага етиб борганидан уятдаман. У одамларнинг юзига урмоқчилигини айтади. Мен ҳам қувонч билан унинг юзига туширардим», — деган эди актёр.
Изоҳ (0)