ИШИД гуруҳи террорчилари ноябрь ойида Ироқнинг Мосул шаҳри яқинида Ироқ махсус хизматларининг 295 нафар собиқ ходимларини олиб қочди. Бу ҳақда махсус брифинг чоғида БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси вакили Равина Шамсадоний баёнот берди, деб хабар қилмоқда «Интерфакс».
«ИШИД жангарилари одамларни зўрлик билан олиб қочмоқда, афтидан, улардан тирик қалқон сифатида фойдаланиш ёки шунчаки ўлдириши режалаштирилмоқда», — деди Шамсадоний журналистлар билан мулоқотда.
Унинг келтиришича, 3 ноябрга ўтиш кечаси 100 га яқин собиқ ҳарбий хизматчи олиб қочилган бўлса, 1–4 ноябрь орасида Тал-Афар шаҳри яқинида яна 195 ҳарбий йўқолган.
Бундан ташқари, террорчилар Ҳаммом ал-Алил шаҳридан чекиниш пайтида у ердан 1,5 минг оилани Мосулга зўрлик билан кўчиргани эсга олинди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.