Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) КХДР U-16 терма жамоаси дарвозабони Жан Пак Хони Ўзбекистон ўсмирлар термасига қарши (1:3) Осиё чемпионати 3-тур учрашувида ғалати гол ўтказиб юборгани учун 2017 йили Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатидан четлатди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси дарвозабони Жасурбек Умрзоқов КХДРга қарши ўйиннинг 49-дақиқасида шерикларини олдинга бошлаш учун тўпни тепиб юборди. Рақиб жарима майдони томон учиб кетаётган тўпни қайтариш учун эса кореялик дарвозабон югуриб чиқди ва тўп Жан Пак Хо устидан ўтиб кетди. Тўпга етиб олмоқчи бўлган посбон йиқилди ҳамда ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди.
Жан Пак Хога нисбатан очилган интизомий иш ОФК комиссияси томонидан кўриб чиқилди. Комиссия кореялик посбон ғалати голни атайин ўтказиб юборган деб топди ва уни ўсмирлар ўртасидаги ЖЧ–2017 турниридан четлатди.
Эслатиб ўтамиз, Темур Олимхўжаев мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар термаси Осиё чемпионатининг чорак финалида Ироқ U-16 терма жамоасига имкониятни бой бериб, ЖЧ–2017 йўлланмасидан маҳрум бўлганди.
Изоҳ (0)