2 ноябрь куни Мисрнинг «ал-Аҳрам» матбаа мажмасининг «ал-Ақлам вал-Кутуб» илмий-оммабоп журналида «Ўзбекистоннинг барқарор демократик ривожланиш йўлида» номли мақола чоп этилди. Бу ҳақда «Дарё»га ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Мақола муаллифи — Қоҳира университети Осиё тадқиқотлари бўлими директори ўринбосари Аҳмад Табарик демократик янгиланишнинг миллий модели амалга оширилиши Ўзбекистонга барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш имконини берганини таъкидлаб ўтди.
Унинг сўзларига қараганда, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда давлат бошқарувини янада демократлаштирилиши ва мамлакат модернизациясига қаратилган бир қатор кенг миқёсли ислоҳотлар ўтказилган бўлиб, улар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаган.
Муаллифнинг эътироф этишича, бугунги кунда демократия шунчаки қадриятлар тизими бўлиб қолмай, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий институтлар ва механизмлар қонунчилик қурилмалари тизими бўлиб, улар биринчи навбатда инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаб бериши лозимдир. Буни, унинг фикрича, мустақилликдан сўнг демократик тараққиётнинг ўз йўлини танлаган Ўзбекистон мисолида кўриш мумкин.
«Ўзбекистон тажрибаси шуни кўрсатадики, жамиятнинг барқарор ривожланиши фақат мамлакат ўз ривожланиш йўлини тарихий анъаналари, маънавий қадриятлари ва халқ менталитетини инобатга олган ҳолда ўзи мустақил равишда танласагина мумкин бўлади», — деб хулоса қилади А. Табарик.
Изоҳ (0)