Футбол бўйича жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурар, Германия терма жамоаси ҳужумчиси Мирослав Клозе футболчилик фаолиятини якунлади. Бу ҳақда, Германия футбол иттифоқига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
38 ёшли Клозе Германия термаси бош мураббийи Йоахим Лёв ва спорт директори Ханс-Дитер Флик билан келишган ҳолда индивидуал дастур асосида мураббийлик тайёргарлигидан ўтади. У фаолиятини мураббий сифатида давом эттиришни кўзламоқда.
Германия футбол иттифоқи маълумотига кўра, Клозе шу пайтдан бошлаб миллий терма жамоа мураббийлик штаби таркибига қўшилади.
Терма жамоа таркибида Клозе 137 учрашув ўтказиб, 2002 йилги жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритди, 2014 йилда эса жаҳон чемпиони бўлди. У Германия жамоаси таркибидаги энг яхши тўпурардир (71 та гол). 2014 йилги жаҳон чемпионати якунларига кўра у жаҳон биринчиликлари тарихида энг кўп тўп киритган футболчига айланди (16 та гол).
Изоҳ (0)