Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги диний соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиш мақсадида Қозоғистон Республикаси делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий веб сайти маълум қилди.
Меҳмонлар бир неча юз йиллардан бери икки халқнинг ўзаро дўстлик рамзи сифатида Тошкент марказида қад ростлаган «Шайх Ҳованди Тоҳур» ва «Тўлабий» мақбараларини зиёрат қилиш билан сафарларини бошлади.
Тошкент ислом университетига ташриф буюрган меҳмонлар олийгоҳнинг тарих ва ҳозирни уйғунлаштирган ажойиб бинолари, талабалар учун яратилган шароитлари билан танишди. Шунингдек, университетда 200 дан ортиқ турли мавзулардаги ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларидаги китоблар, журнал ҳамда газеталардан иборат кўргазмага ташриф буюрди.
Айниқса, «Қуръони карим маъноларининг ўзбекча таржимаси», «Оилада фарзанд тарбияси», «Дунё уламолари мурожаати», «ИШИД фитнаси», «Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя», «Ислом ва ақидапараст оқимлар» каби юртимиз олимлари ҳамда тадқиқотчиларининг турли тиллардаги китоб ва қўлланмалари меҳмонларда чуқур қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, меҳмонлар Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини ҳам зиёрат қилди. Жумладан, бир қатор меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)