Охирги вақтларда гранола дунё бўйича энг оммабоп ва фойдали нонуштага айланди. Бу қандай таом?
Гранола — АҚШда нонушта учун тайёрланадиган таом бўлиб, у майдаланган сули ёрмаси, ёнғоқлар ва асални ўз ичига олади. Баъзан эса унга қарсилдоқ ҳолатга келгунча тоблаб пиширилган гуруч ҳам қўшилади. Қолаверса, унга майиз ёки хурмо каби қуруқ мевалардан ҳам қўшиш мумкин.
Гранола шуниси билан яхшики, уни бир тайёрлашда бутун иш ҳафтасига етадиган қилиб тайёрлаб қўйиш мумкин. У таркибидаги фундук ва бодом ёғи туфайли тери, соч ва тирноқларнинг ҳолатини яхшилайди. Бундан ташқари, гранола жуда тўйимли бўлгани учун тушликка қадар қувват беради.
Зарур масаллиқлар: (5 порция учун)
- доналаридан тозаланиб, майдаланган 10 та хурмо;
- 1 стакан кокос қириндиси;
- 1 стакан майдаланган фундук ёнғоғи;
- 1/2 стакан бодом ёғи;
- 1/3 стакан майдаланган бодом;
- 1/3 стакан қовоқ уруғи;
- 2 ош қошиқ қирғичдан чиқарилган занжабил томири;
- 1 чимдим майдаланган мускат ёнғоғи;
- 1 чимдим майдаланган долчин.
Тайёрланиши:
- Духовкани 180 даражагача қиздирамиз. Барча масаллиқларни идишга солиб, ундаги ҳар бир қуруқ бўлакча ёғ билан қопланиши учун яхшилаб аралаштирамиз.
- Аралашмани пергамент тўшалган листга жойлаб, духовкада 10—15 дақиқа давомида пиширамиз. Граноланинг тилла-жигаррангга кириши унинг тайёр бўлганлигини билдиради.
- Нонуштани совутиб, герметик идишга жойлаймиз.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)