Французча десерт — суфлега қалайсиз? Суфле мураккаб рецептдек эшитилса-да, аслида осон тайёрланади. Малина мавсуми тугамасидан ундан суфле пишириқ тайёрлашга улгуриб қолинг!
Зарур масаллиқлар
Хамирига:
- 100 г маргарин
- 200 г ун
- Туз
- 4—5 ош қошиғида совуқ сув
Суфлега:
- 200 г творог
- 4 дона тухум
- 150 г шакар
- 1 чой қошиғида ванилинли шакар
- 1 ош қошиғида ун
- 1 стакан малина*
*Агар сиз музлатилган малинадан фойдаланмоқчи бўлсангиз, уни олдиндан эритинг ва сувини тўкиб ташланг.
Тайёрланиши
1. Пирогимиз хамирини тайёрлаш учун маргарин муздек ва қаттиқ бўлиши керак. Сувни ҳам совитгичда бироз вақт қолдириш лозим.Ун ва тузни аралаштирамиз. Унга майда куб шаклида тўғралган қаттиқ марқаринни қўшиб, пичоқ билан майдалаймиз. Маргарин бўлаклари урвоқдек бўлиб, ун билан тўлиқ аралашиб кетмагунча қориштираверамиз.
2. Тайёр аралашмага сувни солиб, маргарин бўлаклари эриб кетмасидан тезгина зувала ясаб оламиз.
3. Хамирни ун сепилган юзада ёямиз ва четлари кўтарилган формага жойлаштирамиз. Вилка билан ҳар-ҳар жойидан тешиб, суфле тайёр бўлгунига қадар совитгичда қолдирамиз.
4. Тухум сариғини оқидан ажратиб оламиз. Сариғини шакарнинг ярми, ун, ванилин ва творог билан қўшиб, миксерда творог силлиқ ҳолга келмагунича яхшилаб кўпиртирамиз.
5. Тухум оқини ҳам миксерда юқори тезликда кўпиртирамиз. Аста-секинлик билан шакарни қўшамиз.
6. Кўпиртирилган тухум оқини творогли массага эҳтиёткорлик билан солиб аралаштирамиз.
7. Хамирли формани совитгичдан олиб, унга аввал малиналарни, сўнг суфлени соламиз.
8. 170—180 даражагача қиздирилган духовкада 50-60 дақиқа давомида пиширамиз. Суфле ўта нозик ва енгил бўлгани туфайли осонгина куйиб қолиши мумкин. Шунинг учун духовкангиз куйдиришга мойил бўлса, даражани бироз пасайтириш мумкин.
Пирогни духовкадан чиқарганда суфле «чўкиб» қолади. Бундан хавотирга тушманг – шундай бўлиши табиий.
Малина ва творогли суфлемиз тайёр. Ёқимли иштаҳа!
Изоҳ (0)