Испаниянинг Intereconomia нашри электрон версиясида Ўзбекистондаги Президент сайловининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уни тенглик принциплари асосида ташкил этиш, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини таъминлаш масалаларига бағишланган мақола чоп этилди. Ушбу контекстда кенг жамоатчиликни, шу жумладан, фуқаролик жамияти институтларини, ННТларни, ОАВни ушбу тадбирни ташкил этиш ишига жалб қилиш масаласи кўриб чиқилди, деб хабар беради «Жаҳон».
Материалда таъкидланишича, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг миқёсли ислоҳотлар натижасида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ошмоқда, кенг жамоатчиликнинг уларга бўлган ишончи ортиб бормоқда. Бунинг далили сифатида Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган округ сайлов комиссиялари аъзоларининг кўпчилик қисми фуқаролик жамияти вакиллари ва, хусусан, аёллардан иборатлиги келтирилади.
Ўзбекистонда аёлларнинг сайлов комиссиялари фаолиятидаги иштирокини таҳлил қилар экан, нашр 2014 йилги парламент сайловида аёллар округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 8 фоизини, 2015 йилги Президент сайловида — 15 фоизини ташкил қилганини, жорий йилда эса бу кўрсаткич 37 фоизга етганини қайд қилиб ўтади.
Мамлакатда имкониятлари чекланган инсонларнинг сайлов жараёнида фаол қатнашишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида таъкидлаб ўтилди. Хусусан, ногиронларнинг уйларида ва махсус муассасаларда «Мен — жамиятнинг тўлақонли аъзоси» номли тадбирлар ўтказиш, уларнинг доирасида тегишли материалларнинг тарқатилиши кўзда тутилган.
Нашрнинг хулоса қилишича, жамоатчиликнинг сайловда тайёргарлик кўришда фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилган бу каби чора-тадбирлар фуқароларнинг жамоат ва давлат ишларида иштирок этиш конституцион ҳуқуқининг тўлақонли реализациясига хизмат қилади.
Изоҳ (0)