«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду ўз агенти Хорхе Мендеш билан биргаликда Шотландиянинг «Рейнжерс» жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси, бедаво касалликка қарши курашаётган Фернандо Риксенни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Риксен «Рейнжерс» таркибида 188 та, Нидерландия терма жамоаси таркибида эса 12 та ўйин ўтказган. 2013 йили Риксенга ёнлама амиотрофик склероз ташхиси қўйилди. Худди шу хасталикка британиялик таниқли физик Стивен Хокинг йўлиққан, деб эслатади нашр.
Одатда бундай ташхисдан сўнг бемор 3–5 йил умр кўради, айрим ҳолатларда эса, Стивен Хокинг каби, мутлақо ҳаракатлана олмайдиган аҳволга келиб қолади.
Криштиану Роналду ўз агенти билан биргаликда мана шундай фожиали кунларни бошидан кечираётган 40 ёшли Риксенни қўллаб-қувватлашга қарор қилди.
Дам олиш кунлари «Рейнжерс» Риксен шарафига тушлик уюштирди. Тадбирга португалиялик футбол юлдузи ва унинг агенти ҳам таклиф қилинган эди. Хорхе Мендеш Риксенга самимий мурожаат йўллаб, уни Мадридга меҳмонга таклиф қилди.
«Ҳорма, дўстим Фернандо. Бугун сен билан бўла олмаганим учун кечирим сўрайман. Сенга барча эзгу тилакларни йўллайман.
Мен ва Криштиану сени имкониятинг бўлди дегунча Мадридга меҳмонга келишга таклиф қиламиз. Бу оқшомдан лаззат ол ва курашишда давом эт. Чин дилдан сени бағримга босиб қоламан», — дейилади мурожаатда.
Jorge #Mendes, manager @Cristiano & friend @OnlusBorgonovo, invites #Ricksen to Madrid: Fight #ALS @Dolkin1 @therealvdv @RicksenVeronika pic.twitter.com/5Ycqg0qNYr
— Bernd Fisa (@berndfisa) October 8, 2016
Изоҳ (0)