Бельгияда Uzbekistan Profile ахборот бюллетенининг жорий йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган махсус сони нашрдан чиқди, деб ёзади «Жаҳон».
Нашр материалларида сайловларни ўтказишга тайёргарлик жараёни ҳақида батафсил маълумот берилган.
«Сайловларга тайёргарлик ва уларни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора, Ўзбекистон Конституциясига тўлиқ мувофиқликда амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси чегаралари, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сайлов округлари ташкил этилган. Сайлов округларининг рўйхати сайловчиларнинг сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ўрни кўрсатилган ҳолда ОАВларда чоп этилмоқда», — дейилади бюллетенда.
Халқаро ва чет эллик кузатувчиларнинг иштироки бутун сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралик тамойиллари мустаҳкамланиши, демократик сайловлар тамойилларига риоя этилишига хизмат қилиши таъкидланади.
«Сиёсий партиялар номзодни қўллаб-қувватлаш учун сайловчиларнинг имзоларини иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойи, сайловолди тадбирларида тўплаш ҳуқуқига эга. Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари таркибидаги имзолар сони Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг 5 фоизидан 1 фоизига қисқартирилган», — дейилади нашрда.
Нашрнинг ушбу сонида сайловларни муваффақиятли ўтказишда Марказий сайлов комиссиясининг муҳим ролига алоҳида эътибор қаратилади.
Изоҳ (0)