Қирғизистоннинг «Svoboda.kg» ахборот-таҳлилий агентлиги электрон порталига Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига бағишланган мақола жойлаштирилди, деб ёзади «Жаҳон» ахборот агентлиги.
Мақолада маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуни 24-моддаси ва «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияларнинг 2016 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш учун тақдим этган ариза ва бошқа ҳужжатларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясини Ўзбекистон Республикаси Президентлик сайловларида иштирок этиши учун рухсат бериш ҳақидаги қарорни қабул қилди.
Порталнинг маълум қилишича, 16—17 сентябрь кунлари бўлиб ўтган пленумларда Ўзбекистоннинг юқорида санаб ўтилган тўртала сиёсий партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзодлар илгари сурилди: ЎзЛиДеПдан — Шавкат Мирзиёев, «Миллий тикланиш» демократик партиясидан — Сарвар Отамуродов, ХДПдан — Ҳотамжон Кетмонов ва «Адолат» социал-демократик партиясидан — Наримон Умаров. Барча номзодлар партияларнинг 2016 йилнинг 14—15 октябрида бўлиб ўтадиган навбатдаги съезд ва қурултойларида тасдиқлаш учун киритилган.
«Svoboda.kg»нинг қайд этишича, Ўзбекистондаги бутун сайлов кампанияси очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ташкил этилмоқда, Марказий сайлов комиссиясининг фаолияти эса қонунчилик талаблари ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастурига мувофиқ равишда амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)