Британиянинг Deloitte аудиторлик компанияси мутахассислари смартфонлар фойдаланувчиларнинг уйқусига қай даражада таъсир қилишини аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказди. Тадқиқот натижаларини 3DNews келтирди.
Тадқиқотда 4 минг британиялик иштирок этди. Тадқиқотчиларга маълум бўлишича, уларнинг учдан икки қисми тунда аппаратни текширмайди. Аммо Британиядаги смартфон эгаларининг учдан бири бу ишни қилади. Шу ҳолатларнинг 33 фоизида фойдаланувчилар мессенжер ва ижтимоий тармоқлардаги янги хабарларни текширади, фойдаланувчиларнинг олтидан бири бу хабарларга жавоб ёзади.
Агар бу кўрсаткичлар ёшлар кесимида олинса, 18–24 ёшдаги фойдаланувчиларнинг тенг ярми смартфонларини тунда текширади. Уларнинг бешдан бир қисми янги хабарларни текшириб кўради.
Телефонини тунда текширмайдиган фойдаланувчиларнинг ўндан бир қисми эрталаб уйғониши билан смартфонни текширади, учдан бири уйқудан турганидан кейинги илк беш дақиқани смартфонсиз ўтказади, ниҳоят, 50 фоизи гаджетсиз 45 дақиқа вақтини ўтказади.
Тадқиқот натижаларидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар смартфон эгаларига уйқу сифатини яхшилаш мақсадида бир қанча тавсиялар берди. Биринчидан, смартфонни қўл етмайдиган жойга қўйиб ухлаш лозим. Иккинчидан, аппаратни ўчириб қўйиш керак. Учинчидан, уйғонгандан кейинги 30 дақиқа давомида смартфондан фойдаланмаслик, тўртинчидан, смартфондан фойдаланилмайдиган вақтни белгилаб олиш, ниҳоят, кўп вақтни оладиган дастурларни ўчириб ташлаш лозим.
Изоҳ (0)