26 сентябрь куни старт оладиган анъанавий Tashkent Open—2016 теннис турнирида ўзбекистонлик Сабина Шарипова биринчи босқични швейцариялик Штефани Фогелга қарши ўтказади, деб маълумот берди «Оламспорт».
18-бор ўтказилаётган мусобақада имтиёзли йўлланма билан иштирок этаётган яна бир ўзбекистонлик Камола Умарова асосий тўрнинг биринчи ўйинидаёқ амалдаги чемпион — япониялик Нао Хибино билан тўқнаш келади. Бир йил муқаддам кунчиқар юртдан ташриф буюрган теннисчи финалга қадар етиб борган ва ҳал қилувчи ўйинда хорватиялик Донна Векични енгиб, бош совринга эга чиққанди.
Мукофот жамғармаси 250 минг АҚШ долларини ташкил этадиган Tashkent Open—2016 га ташриф буюрган энг кучли теннисчи WTA рейтингида 57-ўринда қайд этилган словакиялик Анна-Каролина Шмидловадир. Ундан ташқари яна йигирмага яқин мамлакат ракеткалари Tashkent Open—2016 да ўз омадини синаб кўради.
Изоҳ (0)