Эроннинг Мозандарон вилояти тиббиёт хизматига тегишли вертолёти қулади, ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда, Эрон телевидиниесига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Хабар беришларича, авиаҳалокатга қум бўрони сабаб бўлган. Кўриш чекланган шароитда учувчи вақтинча қўнишни амалга оширмоқчи бўлган, аммо қўнишга уриниш жараёнида электр тармоғи устунига урилган. Вертолёт қулаётганда жиддий шикастланган.
Ҳалокатга учраган вертолёт 21 сентябрь куни эрталаб Амол шаҳридан йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланганларга ёрдам бериш учун Газанг аҳоли яшаш пунктига йўл олган эди.
Ҳаво кемаси бортида 4 киши бўлган. Тиббий ёрдам гуруҳи аъзоларидан бири ҳалок бўлди, яна бири оғир аҳволда қолмоқда. Учувчи ва яна бир тиббий хизмат ходими жароҳатланган.
Изоҳ (0)