Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сардор Рашидов тўп сурадиган Қатарнинг «Ал-Жаиш» клуби Осиё Чемпионлар Лигасининг ярим финалида йўлланма олди.
Чорак финалнинг жавоб ўйинини БААда «Ан-Наср»га қарши ўтказган қатарликлар Ромаринёнинг 9-дақиқада урган ягона эвазига муваффақият қозонди.
Доҳада бўлиб ўтган биринчи ўйинда Амирлик клуби 3:0 ҳисобида зафар қучган бўлса-да, легионер футболчилар лимитидан нотўғри фойдалангани учун кейинроқ «Ал-Жаиш»га 3:0 ҳисобидаги техник ғалаба ёзиб берилганди.
Сардор Рашидов Чемпионлар Лигасида ўз юришини давом эттираётган ягона ўзбекистонлик футболчи бўлиб қолди. Тошкентнинг «Локомотив» клуби мусобақадаги юришига чорак финалда якун ясаган бўлса, «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Насаф» гуруҳ босқичидан ўта олмаганди.
Маълумот учун, Сардор Рашидов тўп сураётган жамоа Чемпионлар Лигасининг ярим финалига иккинчи бор етиб келди. Бунга қадар у Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби сафида 2012 йил ярим финалга қадар етиб борганди.
«Ал-Жаиш» 2016 йилги мавсум финалида тўп суриш учун БААнинг «Ал-Айн» клубига қарши саф тортади.
Изоҳ (0)