Ҳиндистоннинг Коччи шаҳрида 8—11 сентябрь кунлари дзюдо бўйича ёшлар ва кадетлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар 5 та олтин, 6 та кумуш ва 6 та бронза медални қўлга киритди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ёшлар ўртасида вазни 66 килограммгача бўлган дзюдочилар беллашувларида қатнашган Артём Штурбавин КХДР вакили Хёнг Ун Ким, ҳиндистонлик Жаслин Сингх Саини, эронлик Алиризо Ҳожастеҳни мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Вазни 81 килограммгача бўлган полвонлар ўртасида Давлат Бобонов иорданиялик Солиҳ Сефан, эронлик Субҳон Расулий ва тожикистонлик Акмал Муродов устидан ғалаба қозониб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
90 килограммгача вазн тоифасидаги дзюдочилар беллашувида Муҳаммадкарим Хуррамов Жанубий Корея вакили Ю Хан Ли, Хитой Тайпейидан Фонг Шун Чен ва қирғизистонлик Азамат Бектурсуновни енгиб, Осиё чемпиони бўлди.
Ўз вазн тоифасида Суҳроб Турсунов ва Бекмурод Олтибоев кумуш, Достон Рўзиев ва Ренат Нажмиддинов бронза медаль билан тақдирланди.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда Гулнур Муродбоева ўз вазн тоифасида барча рақибаларини мағлубиятга учратиб, қитъада тенгсиз эканини исботлади. Нодира Йўлдошева иккинчи, Диёра Келдиёрова, Маҳлиё Маннопова ва Раҳима Йўлдошева учинчи ўринни эгаллади.
Кадетлар ўртасидаги баҳсларда Санобар Султонова олтин, Шаҳзод Очилов, Жасур Самадов ва Улуғбек Ўроқов кумуш, Насрулло Шокиров бронза медални қўлга киритди.
Изоҳ (0)