Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида энергия самарадорлиги соҳасида тоғ-кон, металлургия, кимё, нефть ва газ тармоқлари мутахассисларининг салоҳиятини оширишга бағишланган тренинг ўз ишини бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Иқтисодиёт вазирлиги томонидан халқаро экспертлар иштирокида ўтказилаётган тренинг вазирлик ҳамда Жаҳон банки гуруҳининг «Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Очилиш маросимида иқтисодиёт вазири ўринбосари Д. Турдиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори М. Алиев ва бошқалар иштирок этди.
Тадбирда айтилишича, ишлаб чиқаришда энергия сиғимини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилда 500 миллион киловатт/соат электр энергияси ҳамда 150 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилиниши кутилмоқда. Етакчи иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш йилига 250,1 миллион киловатт/соат электр энергияси, 3 миллион куб метр табиий газ ҳамда 20,1 Гкал иссиқлик энергиясини тежаш имкониятини яратади.
Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон банки гуруҳининг «Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» қўшма лойиҳаси доирасида энергияни кўп миқдорда истеъмол қилувчи тоғ-кон, кимё, электр энергияси, нефть ва газ, қайта ишлаш тармоқларида амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида 140 миллион киловатт/соат электр энергияси ҳамда 50 миллион куб метр табиий газ тежалди. 32 саноат корхонасида 81 сублойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, унинг натижасида 536 миллион киловатт/соат электр энергияси, 202 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинишига эришилиши кўзда тутилган.
Ўқув тренинги жараёнида энергия самарадорлиги соҳасидаги халқаро экспертлар томонидан тақдим этилган энергия ресурсларини бошқариш ва улардан самарали фойдаланишнинг муҳим масалалари бўйича етти кунлик назарий дастур асосида дарслар ўтказилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)