Венесуэла президенти мамлакатдаги нон етишмовчилиги ва дўконларда ҳосил бўлаётган навбатларни бартараф қилиш йўлини топди. Мамлакатда иқтисодий ва озиқ-овқат инқирози ҳукм сураётган бир пайтда Николас Мадуро 1100 дан ортиқ новвойхонада текширувлар ўтказиб, олдида катта навбат ҳосил бўлаётган муассасаларни жаримага тортиш ҳақида кўрсатма берди. Бу ҳақда «Коммерсант.ru» хабар қилмоқда.
Мамлакат расмийларининг фикрича, айрим новвойхоналар атайлаб кам нон пиширмоқда, бу эса навбатлар ҳосил бўлишига олиб келмоқда. Шу боис бундай новвойхоналар эндиликда жаримага тортилади.
Текширувда мингдан ортиқ полициячи, ҳарбий ва UnaMujer аёллар социалистик иттифоқи фаоллари қатнашади.
Каракасдаги новвойхоналардан бирининг эгаси Ана Кальдерас ҳукуматнинг бу ташаббусига қуйидагича фикр билдирди:
«Бу даҳшат. Сотмаётганимиз учун жаримага тортилар эканмиз. Қайси савдогар сотишни истамайди? Сотмаётган эканмиз, демак, сотадиган нарсанинг ўзи йўқ».
Изоҳ (0)