Тошкент шаҳар божхона ходимлари томонидан тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига ўз вақтида чек қўйиш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилиб, қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинмоқда, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан Москва—Тошкент йўналишидаги поезд йўловчиларининг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, чет эллик фуқаролардан бирининг қўл юклари орасида ноқонуний равишда олиб киришга уринилган қиймати 19 миллион сўмлик 950 қути Parliament сигаретаси борлиги аниқланди.
Шунга ўхшаш ҳолатда мазкур йўналиш бўйича кириб келган поезд йўловчиси Ўзбекистон фуқароси ҳам қиймати салкам 10 миллион сўмлик 480 қути турли хил сигаретани йўловчи божхона декларациясида қайд этмаган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, «Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан акциз солиғи солинмай олиб кириладиган товарларнинг миқдорий чекланган нормалари»га мувофиқ, жисмоний шахслар йўловчи божхона декларациясининг тегишли бандида қайд этган ҳолда, 10 қутигача тамаки маҳсулотларини божхона чегарасидан эркин олиб киришига рухсат этилади.
Изоҳ (0)