Жорий йилнинг 8 сентябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида ўта муҳим қарор қабул қилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Раҳимжон Ҳакимов фикр билдирди. Унинг сўзларини ЎзА келтирди.
Ҳуқуқшунос олим сифатида шуни қайд этишим лозимки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан қабул қилинган мазкур қарор ҳуқуқий нуқтаи назардан Конституция ва қонунларимизга ҳар томонлама мувофиқ бўлиб, уни қуйидагича изоҳлаш мумкин:
Биринчидан, Конституциямизнинг 10-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Олий Мажлис ва Президент иш олиб бориши мумкин. Яъни, Конституциямиз Олий Мажлисга халқимиз номидан иш кўришга тўла ваколат берган.
Иккинчидан, Конституциямизнинг 78-моддасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати биргаликда Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органларининг тизими ва ваколатларини белгилаши, шунингдек, бошқа ваколатларни амалга ошириши мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қарор қабул қилиш 78-моддада белгиланган ваколатлардан хам келиб чиқади.
Учинчидан, мамлакатимиз ҳаётига оид масалалар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлис ўтказиши мумкинлиги Конституциямизнинг 81-моддаси 9-қисми, уларнинг қарор қабул қилиш ваколати эса 82-моддаси 1-қисми билан мустаҳкамлаб қўйилган. Олий Мажлис палаталарининг қарори эса «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига кўра қонуний кучга эгадир.
Тўртинчидан, Конституциямизнинг 96-моддасида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолларда, унинг вазифа ва ваколатлари Олий Мажлис Сенати Раисининг зиммасига вақтинча юклатилиши назарда тутилган. Айни пайтда Сенат Раиси Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисига мурожаат этиб, ўзининг тажрибаси ҳозирги босқичда мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантириш, жамоат хавфсизлигини ҳамда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг муҳим масалаларини ҳал этиш учун етарли эмаслиги ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклатиш мақсадга мувофиқ экани бўйича таклиф киритди. Бу ҳолатда ушбу таклиф Олий Мажлис томонидан кўриб чиқилишини чекловчи бирон-бир конституциявий қоида ёки норма мавжуд эмас.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан қабул қилинган қарор Конституция ва қонунларимизга тўла мос келади. Айни пайтда шуни қайд этиш керакки, Конституциямизнинг 16-моддасига мувофиқ, мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. Айрим қўштирноқ ичидаги экспертларнинг турли Интернет саҳифаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг жорий йил 8 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги қарори қонунийлигини шубҳа остига олишга қаратилган уринишларни Бош Қомусимизнинг 16-моддасини қўпол равишда бузиш, дея баҳолашимиз мумкин.
Изоҳ (0)