АҚШнинг энг йирик банкларидан бири Wells Fargo’нинг 5 мингдан ортиқ ходими мижозларнинг розилигисиз ҳисоб очиб, уларга хизмат кўрсатганлик учун ҳақ олганлиги туфайли ишдан бўшатилди. Бу ҳақда CNN маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
Маълум қилинишича, жами 2 миллиондан ортиқ кредит ва ҳисоб рақамларини очган 5,3 минг киши ишдан озод этилган. Мижозлар ушбу ҳисоб рақамлар уларнинг номига очилганлиги ҳақида гумон ҳам қилмагани ҳолда уларга хизмат кўрсатиш учун ҳақ тўлашга мажбур бўлган. Банк ходимлари бонуслар олиш ва сотув бўйича режани бажариш учун шундай йўл тутган.
Истеъмолчиларни ҳимоя қилиш федерал бюроси 8 сентябрь, пайшанба куни банк 185 миллион доллар миқдоридаги жаримага тортилишини маълум қилди.
Wells Fargo томонидан ёлланган мустақил консалтинг фирмаси текширишлар давомида мижозларнинг розилигисиз пайдо бўлган 1,5 миллион ҳисоб рақам ва шу тариқа чиқарилган 500 мингдан ортиқ кредит картаси мавжудлигини аниқлади.