Андижон вилоятининг Андижон туманида «Samara» савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси иш бошлади, дея хабар бермоқда ЎзА.
Мустақилликнинг 25 йиллиги байрами муносабати билан Андижон вилояти шаҳару қишлоқларида ҳам янги ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Аҳолига савдо хизмати кўрсатиш сифатини юксалтириш ва янада қулайлик яратиш мақсадида Андижон туманидаги Samara salt group оилавий корхонаси томонидан барпо этилган «Samara» савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси ана шундай объектлардан биридир.
Корхонанинг айланма маблағи ҳамда Hamkorbank акциядорлик тижорат банкининг 5 миллиард сўмлик кредити ҳисобидан савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишида амалга оширилаётган лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида барпо этилган мажмуа ёнида келгусида икки қаватли тантаналар саройи қурилиши ҳам кўзда тутилган.
Супермаркет, ошхона, турли алоқа хизматлари шохобчаларини ўз ичига олган мажмуа замонавий жиҳозланиб, халқаро андозалар даражасида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. 75 иш ўрнига эга бўлган мажмуа ишчи-ходимларининг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир.
Мажмуа ҳудудига ўрнатилган турли аттракционлар, эртак қаҳрамонлари билан безатилган майдонча болаларга завқ бағишлайди.
Изоҳ (0)