Ўзбекистон ва Сурия миллий терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ—2018 3-саралаш босқичидан жой олган ўйиндан кейин мезбонлар бош мураббийи Самвел Бабаян матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
«Йигитлар зафар қучиб, байрамни давом эттириш учун қўлдан келган барча ишни қилишди. Одил Аҳмедов ва Азиз Ҳайдаровга жароҳатлари бўла туриб, шундай ўйнаганликлари учун раҳмат айтаман», — деди Бабаян.
Бош мураббий 56-дақиқада алмаштириб юборгани Сардор Рашидовнинг ўйини борасида ҳам тўхталди: — «Сардор оптимал формада эмас. Бу мавсум ҳисобидан бир дона ўйинда майдонга тушди. Жамоаси билан унга қадар 65 кун таътилда бўлди. Бунақаси футболда кам бўлади. У кийиниш хонасида Қатарда яхшироқ ўйнашга ваъда берди».
Самвел Бабаян Сурияга қарши ўйинда Ўзбекистон терма жамоасига ғалаба келтирган гол муаллифи Александр Гейнрих ҳақида ҳам фикр билдирди: — «Гейнрих ҳали қариб қолгани йўқ. У захирадан тушиб, ўйинни кучайтириб юборадиган футболчи. Паспортдаги ёшининг эса менга аҳамияти йўқ. Муҳими — терма жамоа учун борини беришга тайёр», — деб Бабаяннинг сўзларидан иқтибос келтирди «Championat.asia».
Изоҳ (0)