Футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигасининг чорак финалида ўзбекистонлик футболчи Сардор Рашидов ҳаракат қиладиган Қатарнинг «Ал-Жаиш» клуби БАА вакили «Ан-Наср»дан 0:3 ҳисобида енгилганди.
Жавоб ўйини олдидан «Ал-Жаиш» раҳбарияти рақиб жамоа томонидан ОЧЛ регламенти бузилган ҳолатни аниқлади, деб ёзди «Championat.asia».
ОЧЛ регламентига кўра, ҳар бир клуб мусобақа учун 3 нафар хорижий ва 1 нафар осиёлик легионер футболчини рўйхатдан ўтказиши мумкин. «Ан-Наср» сафида ҳаракат қилган асли бразилиялик Сантос Вандерлей эса БАА Про лигасида Индонезия фуқароси сифатида қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан «Ал-Жаиш» ОФКга шикоят аризасини ёзиб улгурди. Ўз навбатида Индонезия Футбол Федерация бундай футболчи ҳақида билмаслигини ОФКга маълум қилди. Ташкилот Сантос Вандерлейнинг шахсини аниқлаб, унинг бразилиялик эканига ишонч ҳосил қилса, «Ан-Наср»ни мусобақадан четлаштиради ва «Ал-Жаиш» ўз-ўзидан ярим финал чиптасига эга чиқади.
Сантос Вандерлей «Ал-Жаиш»га қарши беллашувда нафақат ҳаракат қилди, балки 2 та гол уришга ҳам муваффақ бўлганди.
Изоҳ (0)