Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ЖЧ—2018 3-саралаш босқичи доирасидаги Сурияга қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этди ва журналистлар саволларига жавоб қайтарди, деб ёзди «Championat.asia».
Журналистлардан бири Бабаяндан 30 август куни Миллий Олимпия Қўмитасида бўлган Мираброр Усмонов билан учрашувда қандай масала кўтарилгани ҳақида сўраган. Бунга бош мураббий қуйидагича жавоб қайтарди:
«Бу биз учун жуда муҳим учрашув бўлди. Мираброр Усмонов бизга омад тилаб, Олимпиада ўйинларида боксчиларимизнинг ажойиб натижаларини мисол қилиб келтирдилар».
Самвел Бабаян жавоб сўнггида футболчиларнинг боксчилардан қаери камлиги борасидаги саволни риторик кўринишда берган: — «Боксчилардан футболчиларнинг қаери кам?! Шу боис байрамни давом эттиришга уринамиз», — деган миллий терма жамоа бош мураббийи.
Сурия термасига қарши ўйин эртага — 1 сентябрь куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади. Учрашув 20:00 да старт олади.
Изоҳ (0)