24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди, деб хабар беради ЎзА.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев бошқарди.
Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида бўлиб ўтаётган ялпи мажлис қатнашчилари Сенат Раиси Н. Йўлдошевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Олий Мажлис Сенатининг ўтган даврдаги фаолиятига ва келгуси йиллардаги устувор вазифаларга бағишланган маърузасини тинглади. Шундан сўнг сенаторлар ялпи мажлис кун тартибига мувофиқ мамлакат ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини босқичма-босқич ислоҳ қилишга ҳамда демократлаштиришга қаратилган қонунларни кўриб чиқишга киришди.
Сенаторлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди. Ушбу қонун ёшлар сиёсатининг асосий қоидалари, бундай сиёсатни шакллантириш ва рўёбга чиқаришга доир ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, тўғридан-тўғри таъсир қилишни яхлит қонун ҳужжатида мужассам этиш мақсадида қабул қилинганлиги таъкидланди.
Сенаторлар қайд этганидек, қонуннинг қабул қилиниши ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлашга, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар масъулиятини кучайтиришга, ушбу соҳада соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариши учун мамлакатда зарур имкониятлар ва шарт-шароитлар яратишга, мамлакат ёшларини XXI аср талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳар томонлама баркамол шахслар қилиб шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди. Ушбу қонун давлат раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгилаб берилган вазифаларни ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган ва парламентнинг қуйи палатасига киритилган ҳамда ички ишлар органларининг мақомини, биринчи навбатда, қонун устуворлигини, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича улар фаолиятининг шакллари ҳамда усулларини аниқ белгилаб беришга қаратилган. Илгарироқ маълум қилинганидек, қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлисда табиатни муҳофаза қилиш соҳасига доир қонунлар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, сенаторлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар гуруҳи томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини (янги таҳрири) кўриб чиқди. Бу қонун ҳам сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар гуруҳи томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини (янги таҳрири) кўриб чиқди ва маъқуллади.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати олтинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Изоҳ (0)