Осиё Чемпионлар Лигаси чорак финал дастлабки ўйинида БААнинг «Ал-Айн» жамоаси бугун, 23 август куни ўз майдонида Тошкентнинг «Локомотив» клубини қабул қилади. Учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида «темирйўлчилар» бош мураббийи Андрей Микляев ўйин борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
«Чемпионлар Лигаси биз учун катта мусобақа, бунда осон ўйинлар бўлмайди. Ўйлайманки, ‘Ал-Айн’га қарши кечадиган иккала учрашув ҳам қизиқ кечади ва якунда биз ярим финалга йўл оламиз. Рақибнинг баъзи ўйинларини кўрдик. Кимларни сафга қўшиб олганини ҳам биламиз. ‘Ал-Айн’ гуруҳ босқичида ‘Насаф’га қарши тўп сурганди. Лекин бунга анча бўлди. Жамоа ўйини ҳозир ўзгарган бўлиши ҳам мумкин. БААда чемпионат ҳали бошлангани йўқ, шу боис рақиб бизга сирли кўринмоқда.
Бизда иккинчи давра бошланиб бўлди ва тўртта турда майдонга тушдик. Жамоанинг ҳолати яхши ва энг муҳими – жароҳат олган футболчилар йўқ. Ўтган йили Австрияда йиғин ўтказганимизда бу жамоага қарши ўртоқлик учрашуви ўтказгандик. Мана энди расмий баҳсларда ҳам уларни мағлуб этишга ҳаракат қиламиз», – деди Микляев.
Эслатиб ўтамиз, «Ал-Айн» – «Локомотив» учрашуви Тошкент вақти билан 20:30 да бошланади.
Изоҳ (0)