Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ва «Электрон ҳукумат»ни жорий этиш соҳасида Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлиги форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда икки мамлакатнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, масъул ходимлари, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, савдо, сармоя, иқтисодиёт, архив, интеллектуал мулк, таълим, суд-ҳуқуқ каби соҳаларга ихтисослашган вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари, илмий тадқиқот марказлари вакиллари, етакчи экспертлар иштирок этди.
Форумда меҳмонларга Ўзбекистонда «Электрон ҳукумат»ни жорий этиш ва давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, АКТ соҳасини ривожлантириш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жанубий кореялик мутахассислар Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, технологиялар ва инфратузилмаларни ривожлантириш, соҳада кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади.
Тадбир иштирокчилари давлат бошқаруви соҳасини янада ривожлантириш, «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, электрон ҳужжат ва ахборот алмашиш, архив ҳужжатларини сақлаш, рақамлаштиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашди.
Ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
«Ўзархив» агентлиги билан Корея Республикаси Миллий архиви ўртасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Корея Республикаси давлат бошқаруви ва ички ишлар вазири Хон Юн Сукка Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Фахрий доктори унвони топширилди.
Изоҳ (0)