Июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида Сирдарё вилояти фермер ва деҳқонлари хорижлик компаниялар билан 63 миллион долларлик шартнома имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мева-сабзавот ярмаркасида Сирдарё вилоятидаги экспортчи корхона ва фермер хўжаликлари томонидан 100 минг тонна мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш бўйича шартномалар имзоланди.
«Халқаро ярмаркада хорижлик ҳамкорлар билан 30 миллион долларлик мош етказиб бериш бўйича шартнома имзолашга эришдик, — деди «Сирдарьинский берег» масъулияти чекланган жамият раҳбари Ботир Исмоилов. — Ўтган қисқа вақт ичида 1 миллион долларлик маҳсулот Озарбайжон, Россия ва Ҳиндистон давлатларига етказиб берилди. Айни пайтда Боёвут, Гулистон, Сайхунобод ва Сирдарё туманларида 1500 гектар майдонга такрорий экин сифатида мошнинг янги ‘Дурдона’ нави экилган. Тик ўсадиган ва 70 кунда пишиб етиладиган бундай мошнинг афзаллиги шундаки, унинг ҳосили комбайн ёрдамида ўриб олинади».
Корхона Боёвут, Гулистон, Оқолтин, Сайхунобод, Сардоба ва Сирдарё туманларидаги бир қатор фермер хўжаликларига мош уруғини етказиб бериб, улар билан контрактация шартномалари имзолаган. Мошни тозалаш, қайта ишлаш, навга ажратиш ва қадоқлаш жараёнлари корхонанинг ўзида амалга оширилади.
Изоҳ (0)