Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон вакили Руслан Нурудинов вазни 105 килограммгача бўлган оғир атлетикачилар ўртасида олтин медални қўлга киритди ва Олимпиада чемпиони деган шарафга сазовор бўлди. Шу муносабат билан андижонликлар эрта тонгдан Руслан туғилиб ўсган Хонобод шаҳридаги Истиқлол маҳалласига кела бошлади, деб хабар беради ЎзА.
Чемпионнинг хонадонига Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳамроҳлигида бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари келиб, унинг оила аъзоларини қутлаганида Русланнинг онаси, Хонобод шаҳар марказий поликлиникаси ҳамшираси Гулчеҳра Нурудинова шундай деди:
«Фарзанди камолини, бахту саодатини кўриш она учун энг улуғ бахт. Унинг ортидан олқишлар олиш, Ватанга хизмати учун бутун элдан раҳматлар эшитишнинг қувончини таърифлаб беролмайман. Ўғлимнинг ғалабасидан бутун Ўзбекистон халқи фахрланаётганини кўриб бошим кўкка етмоқда. Ўғлим болалигида мана, кўрасиз ая, мен албатта жаҳон ва Олимпиада чемпиони бўламан, дерди».
«Ўғлимнинг Олимпия ўйинларидаги ғалабаси уни вояга етказган, тарбиялаган, истеъдодини юзага чиқарган мустақил Ўзбекистон ғалабасидир», — қўшимча қилди у.
Руслан Рио Олимпиадасига йўл олишдан аввал 92 ёшли бувиси Шамсинур момонинг дуосини олган эди.
«Набирам мен дунёдаги энг катта спорт мусобақасига кетяпман, момо, менга дуо беринг, оқ йўл тиланг. Мен албатта ғолиб бўламан, сизларнинг, Президентимизнинг ишончини оқлайман деди, — эслайди Шамсинур момо. — Набирам сўзининг устидан чиқди».
Изоҳ (0)