Миллий матбуот марказида «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти томонидан аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Э. Саъдуллаев журналистлар билан мулоқот қилди.
Унинг таъкидлашича, мустақиллик йилларида электр станцияларининг қуввати 1,9 миллион киловатт/соатга ошиб, ишлаб чиқариш ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридагига нисбатан қарийб 10 миллиард киловатт/соатга кўпайди.
Ўтган даврда Янги Ангрен иссиқлик электр станциясида 600 мегаватт, Талимаржон иссиқлик электр станциясида 800 мегаватт қувватга эга бўлган энергоблоклар ишга туширилди. Навоий иссиқлик электр станциясида қуввати 478 мегаваттли замонавий буғ-газ қурилмаси бунёд этилди. «Тошкент иссиқлик электр марказида когенерацион газ-турбина технологиясини жорий қилиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қуввати 27 мегаваттга эга газ-турбина қурилмаси барпо этилди.
Ҳозирги кунда Талимаржон, Тошкент, Тахиатош ва Навоий электр станцияларида буғ-газ қурилмаларини қуриш лойиҳалари бажарилмоқда. Наманган вилоятида Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини барпо қилиш лойиҳаси доирасида ҳар бири 450 мегаваттга эга бўлган иккита буғ-газ қурилмаси қурилмоқда. «Талимаржон ИЭСини иккита ҳар бири 450 мегаватт қувватига эга бўлган буғ-газ қурилмасини қуриш билан кенгайтириш» лойиҳаси бўйича биринчи ва иккинчи буғ-газ қурилмалари учун буғ ва газ турбиналари ўрнатилмоқда. «Тошкент ИЭСда қуввати 370 мегаваттга эга бўлган буғ-газ қурилмасини қуриш» лойиҳаси доирасида қозон ва буғ турбинасини йиғиш якунланиб, қурилиш-монтаж, газ турбинасини йиғиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳани жорий йилнинг якунигача тугаллаш кўзда тутилган.
«Мамлакатимизда табиий ресурсларни тежаш ва рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи ўринбосари Улуғбек Ҳакимов. — Шу мақсадда ‘Жиззах’ махсус индустриал зонасида хорижлик ҳамкорлар иштирокида қуёш энергияси орқали сув иситиш қурилмаларини ишлаб чиқарувчи ‘Қуёш иссиқлик энергияси’ ҳамда энергия тежамкор ёруғлик-диодли ёритиш қурилмаларини ишлаб чиқарувчи Yorqin chiroqlar корхоналари фаолияти йўлга қўйилди».
Давлат раҳбарининг 2013 йил 1 мартдаги «Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Самарқанд, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида ҳар бири 100 мегаватт қувватга эга бўлган қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши режалаштирилган. 2020 йилга қадар ишлаб турган ГЭСларни модернизациялаш ва такомиллаштириш ишлари кўзда тутилган.
Изоҳ (0)