Бразилия парламентининг юқори палатаси — Федерал сенатда 9 август куни мамлакат президентлигидан вақтинчалик четлаштирилган Дилма Руссеффнинг импичменти юзасидан мажлис бошланди. Яқин бир неча соат ичида парламентарийлар жараённи давом эттириш ёки уни якунлаш ҳақида қарор қабул қилади, деб хабар беради «ТАСС».
Юқори палатанинг пленар мажлисини сенатор Антониу Анастасиа очиб беради. У депутатларни Руссеффнинг истеъфоси зарурлигини асослашга йўналтирилган ҳисоботидан парчалар билан таништиради. Шундан сўнг қолган 80 сенаторнинг ҳар бири ҳамкасблари қаршисида 10 дақиқадан чиқиш қилиш имкониятига эга бўлади. Ниҳоят, сўз навбати Руссеффнинг истеъфоси жараёни ташаббускорлари ҳамда президент адвокатига берилади — ҳар бир томонга ярим соатдан вақт ажратилади. Барча чиқишлар якунлангач, сенаторлар овоз беришга киришади.
Юқори палата Анастасианинг ҳисоботини қўллаб-қувватласа, импичмент жараёни якуний босқичга ўтади. Сенаторлар томонларнинг аргументларини қайтадан кўриб чиқади ва имчипмент юзасидан бошқатдан овоз беради. Якуний қарор август ойининг охирида ёки сентябрнинг бошида қабул қилиниш кутилмоқда.
Руссеффнинг импичменти тарафдорлари уни молиявий қонунбузарликларда айбламоқда. Жумладан, президент иккинчи мандатининг дастлабки ойларида парламент билан маслаҳатлашмай бюджет маблағларини ажратиш борасида бир қанча фармонларни имзолашда ҳамда давлат банкларига ажратиладиган тўловларни ортга суришда айбланмоқда.
Изоҳ (0)