20 июнь куни Тошкентнинг Сирғали туман суди очиқ мажлисида ҳайвонлар билан қаттиққўл муносабатда бўлиш ҳақидаги иш юзасидан ҳукм чиқарилди. Тошкент вилоятида туғилиб ўсган 27 ёшли жавобгар ярим ойлик кучукчасига оғир жароҳатлар етказгани учун «Ҳайвонлар билан қаттиққўл муносабатда бўлиш» ва «Майда безорилик» моддалари бўйича айбдор деб топилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Суд эшитувига сабаб бўлган воқеа ижтимоий тармоқларда ва ахборот каналларида ўзига хос резонанс яратди. 12 май куни Facebook’даги «Ташкентская группа помошчи бездомним животним ‘Всё в твоих руках’» гуруҳида хўжайини томонидан калтакланган кучукча ҳақида маълумот берилди. Жониворларни ҳимоя қилувчи фаоллар итнинг хўжайинини судга бериш ниятини билдирди.
Даъво аризасида ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорлик қилувчи кўнгилли Сирғали туман ветеринария клиникасида кучукчани топиб олгани айтилган. Жонивор у ерда 10 кунлик карантинда сақланаётган эди. Бундай амалиёт одамни тишлаган ҳайвонларга нисбатан қўлланади.
Кучукчанинг эгаси уй жонивори унинг бармоғидан тишлаб олганини тасдиқлади.
Хусусий ветеринария шифохонасида ўтказилган текширувлар итда жиддий бош суяги жароҳати борлигини, шунингдек орқа ва олд оёқлари синганини кўрсатди. Фаолларнинг маблағлари ҳисобига ит бош мия нейрохирургия амалиётидан ўтказилди. Аммо, охирги маълумотга кўра, ҳайвон ҳимоячилари томонидан Лора деб аталган кучукча кўз нерви атрофияси туфайли кўриш қобилиятини йўқотди. У ҳид билиш ва эшитиш қобилиятини сақлаб қолиши учун узоқ муддат даволаниши лозим.
Судда итнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган фаолни «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш нодавлат нотижорат жамияти қўллаб-қувватлади. Жамият аъзолари юридик консультацияда ва зарур ҳужжатлар тўплашда ёрдам берди.
Суд қарорига мувофиқ, кучукчанинг собиқ хўжайини энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробари миқдорида жарима тўлаши лозим.
«Меҳр ва оқибат» вакилларининг эътироф этишича, уларнинг фаолиятида ҳайвонларга қаттиққўл муносабатда бўлиш билан боғлиқ ҳолат учинчи марта ҳуқуқий майдонда кўриб чиқилиши. Фаоллар ҳуқуқий прецедент ярата олганини, ҳайвонларга оид қонунчилик ишлаётганини, фуқаролик жамияти институтлари эса бефарқ бўлмаган фуқароларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини кўрсатиб бера олганини эътироф этмоқда.
Изоҳ (0)