Малайзиянинг 2014 йил март ойида ғойиб бўлган Boeing-777-200 самолётини қидиришда иштирок этаётганлар Танзания соҳилларида топилган самолёт қанотининг парчалари «деярли шубҳасиз» йўқолган ҳаво кемасига тегишли эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда 29 июль, жума куни Австралия транспорт вазири Даррен Честер маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Унинг аниқлик киритишича, экспертлар ушбу бўлакларни Канберра лабораториясида тадқиқ этишда давом этмоқда.
Вазир, шунингдек, Австралиядан ғарбдаги Ҳинд океанида давом этаётган самолётни қидириш бўйича ишлар чўзилаётганлиги ҳамда энди декабрда якунланишини маълум қилди.
Ҳозирги пайтга қадар умумий майдони 120 минг квадрат километр бўлган ҳудуднинг 110 минг квадрат километрдан ортиқ қисми ўрганиб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Малайзия авиакомпаниясига тегишли бортида 239 киши бўлган Boeing-777-200 самолёти 2014 йилнинг 7 мартидан 8 мартига ўтар кечаси Куала-Лумпур—Пекин йўналиши бўйича MH370 рейсини амалга ошираётган эди. Парвоз бошлангандан тахминан икки соат ўтиб ҳаво кемаси билан алоқа йўқолган.
Изоҳ (0)