Қозоғистоннинг Улитау вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари рейд давомида 16 нафар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаросининг ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланганини аниқлаб, уларни депортация қилди. Бу ҳақда “Polisia.kz” хабар берди.
Маълум қилинишича, улардан етти нафари Ўзбекистон, тўққиз нафари Тожикистон фуқаролари ҳисобланади. Улар Сатпаев шаҳрида тегишли рухсатнома ва ҳужжатларсиз ишлаб келгани аниқланган.
“Чет эл фуқаролари Сатпаев шаҳрида ноқонуний ишлаб, маъмурий жавобгарликка тортилиб, суд қарори билан белгиланган талабларни бажармасдан, Қозоғистоннинг миграция соҳасидаги қонунчилигини бузган”, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Тожикистоннинг икки нафар фуқароси Олмаота шаҳар суди томонидан чиқарилган қарор талабларини бажармай, жавобгарликдан бўйин товлагани маълум бўлган. Хорижий фуқароларни ноқонуний меҳнат фаолиятига жалб қилган иш берувчилар ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилган.
“Қонун ва тартибни таъминлаш мақсадида барча хорижий фуқаролар мамлакат ҳудудидан мажбуран чиқариб юборилди”, — дея хулоса қилди полиция.
Изоҳ (0)