АҚШнинг Сиэтл шаҳрида ширинликлар ишлаб чиқарувчи Mars компаниясининг хўжайинларидан бири кичик Форрест Эдвард Марс 26 июль, сешанба куни юрак хуружидан вафот этди. Бу ҳақда The New York Times хабар бермоқда.
Кичик Форрест Эдвард Марс компания асосчисининг невараси бўлган. У 30 йил давомида синглиси Жаклин ва укаси Жон Марслар билан компанияни бошқариб келганди.
Bloomberg Billionaires Index маълумотларига кўра, кичик Форрест Эдвард Марснинг молиявий ҳолати 31,5 миллиард долларни ташкил этади. У дунёдаги энг бой инсонлар рўйхатида 21-ўринни эгаллаганди. Марслар оиласи АҚШда энг бой оилаларнинг учлигига киради.
Mars компаниясига 1911 йилда асос солинган. Компания асосчилари Фрэнк Марс ва унинг турмуш ўртоғи Этель уларнинг ташкилотига шуҳрат ва пул келтирган Milky Way шоколад батончасини ўйлаб топиб, уни ишлаб чиқарди. Марс компаниясининг кейинги машҳур маҳсулоти 1941 йилда ишлаб чиқарилган M&M’s ширинликлари бўлди.
Ҳозирги кунда компания Snickers, Orbit, Dove, Pedigree, Royal Canin, Whiskas каби брендларга эгалик қилади.
Изоҳ (0)