Россия ташқи ишлар вазирлиги Украина ИИВнинг журналист Павел Шереметнинг ўлдирилишида Москванинг қўли борлиги ҳақидаги тахминига жавоб берди. Изоҳ вазирликнинг расмий сайтида чоп этилди, деб хабар беради «РБК».
«Павел Шеремет принципиал инсон бўлиб, кўпинча ҳукуматга танқидий ёндашар эди. Унинг фуқаролик позицияси чиқишлари ва мақолаларида аниқ ифодаланар ва нуқтаи назари расмий қарашга ҳар доим ҳам мос келмас эди. Аммо Россияда, қарашлардаги фарққа қарамай, унинг профессионал фаолияти учун жисмоний таҳдид йўқ эди», — дейилади баёнотда.
ТИВ Шереметни Украинада шаклланган тизимнинг навбатдаги қурбони деб атади.
Эслатиб ўтамиз, Киевда 20 июль, чоршанба куни маҳаллий вақт билан 7:45 да автомобиль портлаши оқибатида Павел Шеремет ҳалок бўлди.
Украина ИИВ раҳбари маслаҳатчиси Зорян Шкиряк журналистнинг автомобилида ясама портловчи қурилма ишга тушганлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)