Kantar Worldpanel таҳлилий компанияси маълумотларига қараганда, 2016 йилнинг иккинчи чорагида АҚШда смартфонлар харидининг 29 фоизи Apple’га, 37 фоизи эса унинг асосий рақиби — Samsung’га тўғри келди. Бу ҳақда 3DNews хабар бермоқда.
Samsung’нинг флагман моделлари — Galaxy S7 ва S7 edge америкаликлар томонидан 16 фоиз ҳолатда, Apple iPhone 6s ва 6s Plus эса 14,6 фоиз ҳолатда харид қилинди. Тахминларга кўра, Apple’нинг ортда қолиши унинг мухлислари ва харидорлари iPhone 7 анонсини кутаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида истеъмолчиларнинг 14 фоизи Samsung’дан Apple’га ўтди, iPhone’дан воз кечиб, Жанубий Корея компанияси смартфонларига ўтганлар сони эса 5 фоизни ташкил қилди. Шунга қарамай, Apple ўз мамлакатида харид кўрсаткичлари бўйича асосий рақибидан ортда қолди.
Яқин бир йил ичида смартфонини алмаштиришни режалаштираётган Apple эгаларининг 88 фоизи шу компанияга содиқ қолиш ниятини билдирди. Samsung’да бу кўрсаткич 86 фоизни ташкил этди.
Изоҳ (0)