«Мортон» ҳаво шарида Ер юзи бўйлаб сафарини давом эттираётган россиялик саёҳатчи Фёдор Конюхов 19 июль, сешанба куни Жанубий Американи кесиб ўтди ва Атлантика океани узра парвозини бошлади. Бу ҳақда саёҳатчининг ўғли Оскар Конюхов «ТАСС» агентлиги билан телефон орқали бўлиб ўтган суҳбатида маълум қилди.
«Фёдор саккизинчи кун парвоз қилмоқда ва йўналишнинг ярмини босиб ўтди. Сўнгги бир суткада у Тинч океани узра парвоз қилди, Чили, Аргентина, Уругвай устидан ҳамда Бразилиянинг энг жанубий қисмидан учиб ўтди. Ҳозир у яна сув устида – Атлантика океани узра парвоз қиляпти», – деди саёҳатчининг ўғли.
Оскар Конюхов, шунингдек, унинг отаси Тинч океани узра бир ўзи ҳаво шарида парвоз қилган иккинчи инсонга айланганини таъкидлади. Аввалроқ бу ишни америкалик Стив Фоссеттгина амалга оширганди.
Эслатиб ўтамиз, Конюхов 12 июль куни Австралиянинг Нортхэм шаҳарчасидаги аэродромдан ўз парвозини бошлаган эди. Ҳаво шари ғарбдан шарққа қараб ҳаракатланади ва саёҳатчи Австралия, Тинч океани, Жанубий Америка, Атлантика океани, ЖАР, Ҳинд океанини кесиб ўтади ва яна Австралияга қўнади. Парвоз 5—10 километр баландликда бўлиб ўтмоқда. Саёҳат икки ҳафта атрофида давом этиши ва 33—35 минг километр масофа ортда қолдирилиши кўзда тутилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)