Жорий йилнинг 13 июлидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида «Ижтимоий шериклик: тинчлик, тотувлик, фаровонлик ва барқарор ривожланиш кафолати» мавзусидаги семинар-тренинглар ташкил этилиши бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссиялари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА), ЎзННТМА ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳудуддаги долзарб ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссиялари, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига методик ёрдам кўрсатишдан иборат.
Ўтган ҳафтада мазкур тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси (13 июль), Хоразм, Наманган (14 июль), Бухоро, Навоий ҳамда Фарғона вилоятларида (15 июль) ўтказилди. Бу ҳафта эса семинар-тренинглар Сурхондарё, Қашқадарё (18 июль), Самарқанд, Тошкент (19 июль) ва Жиззах вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри (20 июль) ва Сирдарё вилоятида (21 июль) ўтказилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)