Бразилия полицияси Рио-де-Жанейродаги Олимпиада ўйинлари чипталарини уларнинг расмий нархидан бир неча марта қимматга қайта сотаётган катта жиноий гуруҳни фош этди. Бу ҳақда, 14 июль, пайшанба куни Globo газетаси маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Нашрнинг маълум қилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Рио-де-Жанейро, Сан-Паулу, Парана, Сеара ва Риу-Гранди-ду-Норти штатларида истиқомат қилувчи 27 кишига нисбатан айблов эълон қилган. Яна 50 нафар гумонланувчига нисбатан суриштирув олиб борилмоқда.
Жиноий гуруҳ иштирокчилари Олимпиаданинг энг оммабоп мусобақалари — футболнинг ярим финал ва финал учрашувлари, волейбол, енгил атлетика, шунингдек, ўйинларнинг очилиш ва ёпилиш маросимларига кўп миқдорда чипталар харид қилган. Сўнг уларга харидорларни ижтимоий тармоқлар орқали қидирган.
Полиция маълумотларга қараганда, расмий қиймати 200 дан 4,6 минг реалгача (61,5 дан 1 415 долларгача) бўлган Олимпиаданинг очилиш маросими чиптасини олибсотарлар 38 минг реалга (11,69 минг доллар) сотиб олишни таклиф қилган. Жиноятчиларнинг айби исботланган тақдирда, уларга бир йилдан икки йилгача қамоқ жазоси хавф солмоқда.
Изоҳ (0)