Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида 2016 йилги мавсумнинг биринчи давраси ўз якунига етди. «Championat.asia» сайти ортда қолган 15 тур якунларига кўра чемпионат статистикасини тақдим этди.
Биринчи даврани Тошкентнинг «Обод» клуби 8 очко билан сўнгги ўринда якунлади. Бу жамоа Олий Лигага илк бор қадам қўйган.Ўзбекистон Олий Лигасининг бир неча йиллик иштирокчилари бўлган «Навбаҳор» (14 очко), «Андижон» (9 очко) ва «Қўқон—1912» (9 очко) клублари биринчи давра якунига кўра хавфли зонадан жой олган ва фақатгина «Обод»дан яхшироқ натижа қайд этган.
Водийнинг бу триоси мавсумнинг тенг ярмида сафар учрашувларининг бирортасида ғолиб чиқа олмади. Меҳмон жамоа майдонида ўтган учрашувларда сўнгги пағонадаги «Обод» ҳам очко ола билган, водий триосида эса бу кўрсаткич «0» га тенг.
«Қўқон—1912» биринчи даврада энг кўп — 33 та гол ўтказиб юборган. Жамоанинг сафар учрашувларига энг кам — 16 591 нафар мухлис ташриф буюрган. Қўқон шаҳри клуби энг узоқ мағлубиятни серияни ҳам қайд этган бўлиб, 9 апрелдан то 26 июнга қадар бўлиб ўтган 10 та беллашувнинг ҳаммасида рақибларига имкониятни бой берган.
«Андижон» клуби эса энг узоқ голсиз серияси билан ёдда қолди. Жамоа 16 июндан бошлаб ўтказилган кетма-кет 4 та беллашувни голсиз тарк этди ва мана шундай статистика билан биринчи даврани якунлади.
«Қўқон—1912» ва Андижон» клублари сафарда энг кўп гол ўтказган жамоалар деб топилди — 20 тадан. Бу клублар биринчи даврадаги бирорта ўйинда дуранг натижага эриша олмади.
Наманганнинг «Навбаҳор» клуби мухлислар ташрифи борасида Ўзбекистоннинг «Бухоро» ва «Қизилқум» клубларидан кейин учинчи жамоа бўлиб турибди. Турнир жадвалидаги кўрсаткич эса 10 тага ёмонроқ — 13-ўрин.
«Навбаҳор» сафар беллашувларида энг кам гол урган жамоа — 4 та. Автоголлар борасида эса етакчи. Клуб легионерлари Игорь Голбан ва Олександр Пишур биринчи даврада 1 тадан автогол қайд этган.