2 июлдан эътиборан UzReport TV икки тилли спорт шарҳини UzDigital TV платформасида ишга туширди. Бу ҳақда телеканалнинг расмий сайти орқали хабар қилинди.
Эндиликда UzDigital TV абонентлари UzReport TV телеканали орқали Евро–2016 баҳсларини икки тилда томоша қилиши мумкин, бунда икки овоз қаторидан бирини танлаш керак бўлади.
«Бу имкониятнинг ишга туширилиши UzDigital TV мутахассислари ва UzReport TV телеканалининг яқин ҳамкорлиги туфайли мумкин бўлди», — дейилади хабарномада.
Эслатиб ўтамиз, UzReport TV ўзбек телевидениеси тарихида биринчи марта футбол ўйинлари шарҳларини бир пайтнинг ўзида ўзбек ва рус тилларида намойиш эта бошлаган эди. Бугунги кунга қадар бу функциядан сунъий йўлдош антенналари эгалари ҳамда «Узбектелеком» АКнинг «Телеком ТВ» IPTV сервиси абонентлари фойдаланиши мумкин эди.
Евро–2016 ўйинларини ўзбек тилида Даврон Файзиев, Санжар Ризаев ва Ёқубжон Бобожонов, шунингдек, актёр Алишер Узоқов шарҳламоқда. Рус тилли шарҳни Россиянинг «Матч ТВ» телеканали шарҳловчиси Александр Елагин амалга оширмоқда.
Изоҳ (0)